Шу ойнинг бошларида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шарифа Мадраҳимованинг паспорти куйдирилиб, йўқ қилингани ортидан у хорижга чиқиб, Ўзбекистондаги фаолияти учун бериладиган халқаро мукофотни қабул қила олмади. Ордан кўп ўтмай, яна бир таниқли фаол Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги безарар пости учун шахсни обрўсизлантириш иши бўйича бир неча минг доллар жаримага тортилди.
Гарчи бу икки воқеа ўзаро боғлиқ бўлмаса-да, улар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритиш ортидан қандай таъқиб ва босимларга дуч келинишини кўрсатади.
Ташанов — Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган оз сонли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари. У мамлакатдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўзининг оммавий Facebook саҳифасида мунтазам хабар бериб боради.
2025 йил 28 феврал куни Танашов Ўзбекистон суд тизимига нисбатан жамоатчилик ишончини сусайтиришда уни айблаб келаётган Тошкент давлат юридик университетининг икки профессорига жавобан пост жойлаштирди. Ўқитувчилар уни судга беришди ва 23 май куни суд Ташановга даъвогарларнинг “шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказганлиги” учун 50 миллион сўм (тақрибан 4 000 АҚШ доллари) тўлаш, шунингдек, постини ўчириш ва оммавий равишда узр сўраш талаби билан қарори чиқарди.
Шунингдек, Шарифа Мадраҳимова ҳам мамлакатда меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий муаммолар каби кенг инсон ҳуқуқлари масалаларини кузатувчи ва ёритувчи ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист сифатида фаолият юритиб келмоқда. У 2025 йилда “Хавф остидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун Front Line Defenders мукофоти” соҳиби сифатида мукофотни қабул қилиш учун Дублиндаги маросимга боришни режалаштирган эди.
Виза расмийлаштириш жараёнида у ўз паспортини юборган ва уни қайтариб олганида, конверт ичидаги паспортнинг биометрик чипи ёниб кетганига гувоҳ бўлган. Мадраҳимова 22 май куни бўлиб ўтган маросимга қадар янги паспорт олишга уриниб кўрди, аммо бу муваффақиятсиз якунланди.
Бу Ташанов ёки Мадраҳимова биринчи марта таъқибга учраётган ҳолат эмас. Ўзбекистонда яна бошқа инсон ҳуқуқлари фаоллари қамоқда ёки мажбурий психиатрия муассасаларида сақланмоқда.
Ўзбекистон расмийлари бундай ҳолатларни жиддий қабул қилиши керак. Ташановга адолатли апелляция ҳуқуқи таъминланиши, унинг сўз эркинлиги ҳимоя қилиниши шарт. Шунингдек, Мадраҳимованинг паспорти қандай қилиб йўқ қилингани юзасидан холис тергов ўтказилиши ва айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши зарур.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар ўз фаолиятларини ҳар қандай таҳдид, таъқиб ва қасддан тўсиқларсиз амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишлари керак.